БОЖХОНА АУДИТИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ БОЖХОНА МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШИ

2020-06-24

Мамлакатимизга импорт қилинаётган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш, унга сарфланаётган вақт ва маблағни қисқартириш масалалари нафақат Ўзбекистон божхона тизими балки, Жаҳон банкининг бизнесни юритиш қоидаларида ҳам давлатларнинг ташқи савдосига оид самарадорлигини аниқловчи энг асосий индикаторлар сифатида эътироф этилмоқда. Фикримизча, ушбу кўрсаткичлар бўйича мамлакатимизнинг халқаро рейтингини кўтариш Ўзбекистонда товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона аудитини жорий этиш орқалигина эришиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона тизимини ҳам қамраб олаётганлиги қувонарлидир. Шунингдек, амалга оширилиши шарт бўлган жуда кўп вазифалар ҳали олдинда турибди. Биргина жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар божхона иши фаолиятига оид қатор норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Уларда божхона тизимида фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-таомилларни яқин истиқболда янада соддалаштириш бўйича устувор вазифа ва йўналишлар белгилаб берилди. Хусусан, божхона органлари тизимида божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин божхона аудитини амалга ошириш ва ундан фойдаланишни йўлга қўйиш” чора-тадбири доирасида “Божхона аудити институтини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг таркибида алоҳида таркибий тузилма ташкил этиш белгиланди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш”, “Божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш”, “Божхона аудитини ўтказиш асослари ва талаблари мавзусида ўқув семинарини ташкил этиш” белгилаб олинганлиги айниқса аҳамиятлидир. Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши бўлди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига қўшимча вазифаси сифатида божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш юклатилганлиги, эътиборга молик.Бундан келиб чиқиб, божхона органларига товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш ҳамда олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, шунингдек, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш каби ҳуқуқлар ҳам берилди. Ушбу ҳуқуқлар ижрочиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Унга товарларни божхона режимларига жойлаштириш фактини текшириш, божхона юк декларацияси ва божхона кирим ордерида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларда қайд этилган маълумотлар билан таққослаш ва текшириш, товарларга нисбатан преференциялар тўғри қўлланилганлиги, божхона тўловлари тўлиқ ундирилганлиги, шунингдек, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва валютани тартибга солиш талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни текшириш ва ўрганиш вазифалари юклатилди. Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилганлиги ва товарларнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини текшириш, шартли равишда чиқариб юборилган товарларни тасарруф этиш бўйича чекловларга риоя этилишини текшириш, товарларнинг божхона расмийлаштирувида тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилиш, ТИФ товар номенклатураси бўйича товарларнинг тўғри таснифланганлиги ва божхона расмийлаштируви тўғри амалга оширилганлигини текшириш вазифалари қўйилди. Божхона соҳасида фаолият олиб борувчи шахслар томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини текшириш, божхона операцияларини амалга оширишда ноқонуний (“кулранг”) схемаларни аниқлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш бўйича профилактика ишларини ўтказиш каби қўшимча топшириқлар юкланганлигини таъкидлаш жоиз.Бир сўз билан айтганда, Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда халқаро иқтисодий интеграцияни таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама янада қўллаб-қувватлаш, уларга самарали фаолият кўрсатишлари учун қулай ишбилармонлик муҳити ва зарурий шарт-шароитларни таъминлаши билан бир қаторда, тизим олдида турган, ҳал этилиши шарт бўлган устувор вазифаларни батафсил акс эттирмоқда. Чунки, бугун ҳар қайси маконда ҳар қандай фаолият юритувчи ҳар бир индивид ўз ҳуқуқ, бурч ва эркинликларини янада тўлиқ ва теранроқ англаб бормоқда, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, тафаккури ўзгариб, дунёқараши ривожланиб бормоқда. Айниқса, бугунги ТИФ қатнашчисининг жаҳондаги илғор ривожланган давлатлар божхона қонунчилигидаги сўнгги янгиликлардан хабардорлиги, ўқиб ўрганиб, ўзлаштираётганлиги, уларда ТИФ қатнашчиларига яратилган шарт-шароитлар тўғрисида ўзига хос маълумотларга эгалиги, фикр юритиши борасида божхона органлари ходимларидан ортда қолмаслигига сабаб бўлмоқда. Уларнинг божхона постларида амалга ошириладиган назорат сўзининг мазмун-моҳиятини англашга қаратилган фикр ва мулоҳазалари энди уни фақат бир томонлама эмас, балки, барча томон, яъни ҳам давлат, ҳам жамият, ҳам истеъмолчи манфаати нуқтаи-назаридан бирдек ҳисобга олинишини тақозо этади. Шу боис, божхона назоратига жалб этилувчи ташқи савдо субъектларини тизим томонидан сифатли ва қўшимча божхона хизматларини кўрсатиш билан рози қилган ҳолда, уларнинг ортиқча вақт ва маблағини сарфламасдан улардан бюджет олдидаги божхона тўловларини қонунчилик доирасида тўлиқ, ўз вақтида, адолатли ундирилишига эришиш божхоначидан катта касбий маҳорат ҳам ҳақиқий фидоийликни талаб этади. Булар, ўз навбатида бугунги кунда божхона соҳасида давлат молиявий назорати, яъни божхона назоратининг янги шакли - божхона аудитини тизимда жорий этиш объектив зарурият ва ҳаётий эҳтиёж эканлигини кўрсатмоқда. Божхона аудити товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона тўловларидан кам ёки ортиқча тўланган суммани аниқлаш мақсадида божхона иши соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган фаолиятдир. Ялпи (ёппасига) божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан буткул воз кечган ҳолда хавфни бошқариш тизими орқали танланган ташқи савдо субъектини текширувдан ўтказиш механизми; товарлар чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона органлари томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назоратининг бир туридир. Божхона аудити ривожланган Америка Қўшма Штатлари, Канада, Ғарбий Европа мамлакатлари, Япония, Хитой, Жанубий Корея каби хорижий давлатларнинг божхона тизими амалиётида аллақачон жорий этилган. Бу борада ўз-ўзидан қўшимча савол туғилади. Хўш, мамлакат божхона тизимининг яқин истиқболида божхона аудити механизми жорий этилса, у қандай ижобий натижаларга олиб келади: у ташқи савдо субъектларининг импорт-экспорт фаолиятига оид молиявий ҳисоб ва ҳисобот маълумотларининг божхона декларацияларидаги маълумотларга номувофиқ келиши ҳолатларини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган профилактик чора сифатида намоён бўлади. иккинчидан, у божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-қоидалар бўйича ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартларини халқаро стандарт(конвенция, битим, меморандум)лардаги талабларга уйғунлаштириш воситасига айланади. учинчидан, у ҳалол ташқи савдо субъектлари(ваколатли иқтисодий операторлар)га нисбатан янада соддалаштирилган божхона тартиботларини самарали қўллаш имконини беради. тўртинчидан, у ноҳалол ташқи савдо субъектларини божхона қонунчилигини ҳурмат қилишга ўргатади. бешинчидан, у ҳалол ташқи савдо субъектларини янада рағбатлантириш мақсадида қўшимча имтиёз ва преференциялар берилиш мезонларига аниқлик киритишга кўмаклашади. олтинчидан, давлат бюджети даромадлар қисмини божхона органлари орқали янада ошишига хизмат қилувчи қўшимча янги восита (ричаг) яратилади.Таъбир жоиз бўлса, юқоридагилар амалга ошиши учун тизим олдида дастлаб қуйидаги устувор вазифалар ҳал этилиши, мақсадга мувофиқ: божхона аудитига оид норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, божхона аудити соҳасида қисқа муддатли касбий тайёргарлик ва малака ошириш курсларини сифатли ташкил этиш, ҳозирги иқтисодий вазият ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, божхона аудитини амалга оширишнинг миллий механизми, усул ва шаклларини яратиш ҳамда ҳалол ташқи савдо субъектларининг ваколатли иқтисодий операторлар мақомининг кейинги босқичига чиқишлари учун даъвогарларга божхона қонунчилиги бўйича қўшимча масалаҳат беришни жорий этиш. Маълумки, божхона хизмати фаолиятининг асосий мақсади мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат бюджети даромадларини самарали шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситаларидан ундирилаётган божхона тўловларини ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ ундириш ҳамда давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилишини таъминлашдан иборат бўлган фискал вазифани амалга оширишдан иборат. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, давлат бюджетига божхона хизмати органлари томонидан ундирилган божхона тўловлари 2019 йилда 17 трлн. 128 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 49,1 фоизга ошган бўлишига қарамасдан, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ихтиёрида жами ундирилган божхона тўловларидан 3,3 баравардан кўп, яъни 39771,91 млрд. сўм маблағ тақдим этилган имтиёз сифатида қолдирилган. Бироқ, расмийлаштирилган божхона юк декларациялари миқдори бўйича ўтган йилда импорт ҳажми экспортга нисбатан 3 баравардан ошган. 2020 йил 1-чоракда нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳонда пандемия туфайли инсоният саломатлиги олдида юзага келган мураккаб вазият, мамлакатлараро чегараларнинг маълум муддатга, вақтинчалик ёпилиши, ташқи савдо интеграцияси жадаллашувига жиддий таъсир кўрсатаётган бўлишига қарамасдан, жорий йилнинг 2-чорагида божхона органларининг божхона тўловлари бўйича истиқбол режа кўрсаткичини тўлақонли бажаришида муаммолар юзага келмаслиги учун тезкор ҳаракатлар бошлаб юборилганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Чунки, жорий йил бошида божхона органлари учун ушбу кўрсаткич бўйича истиқбол режа бажарилишини ўтган йилга нисбатан 36 %дан ошириш прогноз қилинган эди. Бунга эришиш, божхона ходимларидан ТИФ субъектларига кўрсатилаётган хизматлар кўламини (янгиларини жорий этиш орқали) кенгайтириш, сифатини яхшилаш, уларни божхона қонунчилигини ҳурмат қилишга ўргатишларида тинмай меҳнат қилиш ва жасорат кўрсатишларини талаб қилади. Булар, мамлакатимизда экспортни янада рағбатлантириш ва импорт ҳажмини қисқартириш чораларини кўриш божхона органлари амалиётида божхона аудитини қўллашга сабаб бўлади. Шунингдек, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонига кўра, мамлакатимизда 2021 йил 1 январга қадар ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб ташкил этиш ҳамда 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали электрон божхона расмийлаштируви механизмини жорий этиш белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонига кўра, 2020 йил 31 декабрга қадар, ТИФ ТН коди билан белгиланган 20 турдаги озиқ-овқат ҳамда тиббиёт ва фармацевтикада қўлланиладиган дори восита ва буюмларини олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди. Бундан ташқари, хавфли юқумли касалликларнинг профилактикаси учун қўлланиладиган дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмасдан Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартишлар киритилди Шундай экан, мамлакатимиз олдида бундай таҳликали даврдан муваффақиятли чиқиб олиш ва коронавирус пандемиясини биргаликда енгиш учун халқ истеъмоли (бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари) товарларига божхона расмийлаштирувини янада соддалаштириш ва назорат талабларини қисқартириш зарур. Шу боис, ушбу турдаги товарларни четдан импорт асосида мамлакатимизга олиб келувчи ташқи иқтисодий фаолият субъектларига, улар бўйича товар божхона қиймати тўғри ҳисобланганлиги, божхона тўловлари тўғри тўланганлиги, товар ТИФ ТН коди тўғри белгиланганлигини самарали текширишда, уларни хавфни бошқаришнинг кўк йўлаги асосида чегара божхона постларидан ўтказиш ва божхона назорати тартиб-таомилларини бир йил ичида, улар жойлашган ҳудудларда соддалаштирилган тартибда ўтказишга ихтисослашган божхона аудитини тизим амалиётида мумкин қадар тезда тадбиқ этиш механизмини йўлга қўйиш божхона фаолиятида юқори самарадорликни таъминлашга қаратилган, кечиктириб бўлмайдиган, адолатли қарор бўлди. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, божхона аудитининг тизим амалиётида тўлақонли расмий фаолият бошлаши учун айни муддат келди. Бу борада ташқи иқтисодий фаолият субъектларида ҳам ушбу божхона назорати шаклига бўлган қизиқиш ва кўплаб саволлар туғилиши табиий, албатта. Масалан, бу қандай назорат шакли ёки жараёни, нималарга нисбатан тадбиқ этилади, ёҳуд кимлар уни амалга оширади, қачон, қайси тарзда ва қанақа муддатда, ҳ.к.? Бу каби саволлар билан мушоҳада юритишни анча давом эттириш мумкин. Уларга халқаро нормативларда акс этган талаблар ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, илмий асосда изоҳ бериш мақсадга мувофиқ. Божхона аудити: биринчидан, аудитнинг янги йўналиши, хизмат тури; иккинчидан, божхона назоратининг алоҳида шакли; учинчидан, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона расмийлаштируви якунланганидан ва улар муомалага чиқариб юборилганидан кейин амалга ошириладиган жараён; тўртинчидан, хавфни бошқаришнинг автоматик тизими орқали йўлаклар кесимида етарлича далиллар орқали шубҳа остига олинган кўрсаткичлар асосида тўпланган маълумотларга кўра, танланган ташқи иқтисодий фаолият субъектлари, уларнинг товар ва транспорт воситаларига нисбатан тадбиқ этилади; бешинчидан, молиявий назорат қилувчи ташкилотлар томонидан ўтказилади; олтинчидан, режали (мажбурий), режадан ташқари (фавқулодда) ва ташаббус тарзида (ТИФ субъекти божхона имтиёзига эга бўлиш (ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш) учун божхона органига қилган мурожаатига кўра) амалга оширилади; еттинчидан, бир шартнома доирасида бир йилда бир марта (расмийлаштирилган БЮДга нисбатан) ўтказилади. Ўзбекистонда божхона назорати ва расмийлаштирувини соддалаштириш мақсадида товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона аудитини амалиётда қўллаш: халқаро Конвенциянинг (Киото, 1973 й.) 6.4, 6.6-стандартларини ратификация қилиниши ва амалиётга киритилишига; халқаро стандартларга уйғунлашган тегишли амалий норматив-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқишга; импорт ва экспортда божхона расмийлаштирувини мунтазам соддалаштириб бориш орқали жараёнларни янада тезлаштириш ва назорат талабларини қисқартириш йўлида қўйилган биринчи бўлади ҳамда тизимда юқори самарадорликни таъминлашга олиб келади. Чегараларни кесиб ўтиш вақтида қўйиб юборилиши зарур бўлган товарларни танлаш асосида божхона назорати тадбирлари миқдорини қисқартириш Ўзбекистон божхона тизимида товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона аудитини амалга оширишнинг истиқболли йўналиши сифатида хизмат қилади. Бу ўз навбатида, божхона органларининг иш вақтидан унумли фойдаланиш ва иш самарадорлигини оширишга олиб келади. Аудит усуллари асосида ташкил этилган божхона назоратининг янги шакли божхона аудити божхона тўловлари (божхона божлари ва солиқларни) ҳисоблаш учун зарур бўлган ахборотларни комплекс таҳлил қилишга имкон беради. Бунинг учун, чегара божхона постларининг ўзида божхона аудитига тушган ТИФ субъектлари учун божхона расмийлаштируви тадбирларини амалга оширишга рухсат бериш жоиз; аудит усулларига асосланган назорат – товар ва транспортга оид олдиндан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг товар ТИФ ТН кодлари бўйича тўғри таснифланганлигини тасдиқлаш, товарларнинг келиб чиқиши ва қиймати бўйича ҳақиқатга мос келишини текшириш учун қўлланилади. Бундай ҳолда, товарлар бирданига муомалага чиқариб юборилиши, божхона божлари ва йиғимлари эса божхона аудити ўтказилганидан кейин ҳисобланиши мумкин. Акс ҳолда, унга нисбатан одатий, анъанавий божхона тартиботлари ўтказилиши белгиланади; аудит усулларига асосланган божхона назорати даврий (режа асосида доимий), тизимли (режадан ташқари фавқулодда ва зарурият юзасидан)  ҳамда ташаббус (ТИФ субъектининг ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун ўз ихтиёрига кўра) шаклда амалга оширилади. Асосан, бундай текширувлар манфаатдор томон ҳудудида ўтказилади. Бунинг учун, божхона органлари томонидан ТИФ субъектининг маълум бир аниқ даврдаги экспорт-импорт операциялари тарихи батафсил ўрганилади ва декларацияловчи шахс кўрсатган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келиши ва ёки келмаслигини тасдиқлаш мақсадида барча тижорат ҳужжатларини таққослаб текшириш учун қўлланилади. Хулоса қилганда, тизим амалиётида божхона аудитини қўллаш мамлакатда ташқи савдо операциялари тезлашишига, ТИФ субъектларини божхона қонунчилигини ҳурмат қилишга ўргатиш билан боғлиқ профилактик чора-тадбирларни кўриш орқали давлат бюджети даромадига янада кўпроқ маблағ тушишига, ТИФ субъектларининг ташқи савдо фаолиятидаги божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида ортиқча вақт ва маблағ сарфламаслигига, соф фойдасини оширишга, энг асосийси ташқи иқтисодий фаолият ва божхона расмийлаштирувининг том маънодаги очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Шерзод Ўктамович Азизов, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти
Божхона назорати кафедраси бошлиғи в.б., доцент, иқтисодиёт фанлари доктори (DSc)