Аждодларимиз жасорати – фидойилик тимсоли

2021-01-13

 

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида жорий йилнинг 12 январь куни Мен Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур каби буюк саркардалар авлодиман” мавзусида илмий-маърифий давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қуролли Кучлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги академиялари, Миллий гвардия ҳарбий техник институти, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, ходимлари иштирок этди.

Илм-фан, таълим ва маданият соҳасида кўп йиллар хизмат қилиб келаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар ўз чиқишларида улуғ аждодларимиз – Соҳибқирон Амир Темур ва чексиз матонат тимсоли Жалолиддин Мангубердининг бетакрор шахсияти, ибратли ҳаёт йўли ва фаолияти ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда нечоғли муҳимлиги таъкидланди.

Буюк боболаримиз Амир Темур ва Жалолиддин Мангубердининг тарихий сиймоси, Ватан каби муқаддас қурғонни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиш йўлидаги ўчмас жасорати ва бой мероси халқимиз, айниқса замонамиз ёшларига юксак намуна бўлиб хизмат қилади. Узоқ вақт мобайнида қадр-қиммати топталган, тарихий аҳамияти қадрсизланган саркардаларимизнинг улуғ номини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш, шунингдек, аждодлар мардлиги тимсолида миллий ғурурни юксалтириш имконияти айнан мустақиллик шарофоти билан юзага чиққани бежиз эмас.

Учрашувда сўзга чиққанлар аждодларимиз қаҳрамонлиги салоҳиятли ёшларни касбий, бадиий, ижодий фаолиятга илҳомлантириши, уларни доимо огоҳликка чақириб, миллий мафкурамизга ёт ғояларнинг зарарли таъсирига кириб кетмаслиги, ҳар қандай салбий ҳолатларга муносиб равишда қарши тура олишига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Хусусан, жасорати ва ватанпарварлиги билан халқ меҳрини қозонган, миллатимизни бутун дунёга танитган буюк саркарда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти кўплаб тарихий, бадиий адабиётларда ёритилгани, мазкур манбаларга қизиқиш уйғотиш орқали ёшларни мутолаага кенгроқ жалб этиш, халқимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш лозимлиги эътироф этилди.

Хоразмшоҳлар сулоласининг забардаст вакили бўлган Жалолиддин Мангуберди мўғул босқинчиларига қарши курашда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатганида атиги 33 ёш бўлган. Демак унинг ёрқин хотираси бугунги ёшларимизда Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини англатади, уларни жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона хизмат қилишга чорлайди.

Бир сўз билан айтганда, институт курсантлари ва ёш ўқитувчилари иштирокида кечадиган бундай тадбирлар, ёшлар онгида, қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш, уларнинг муносиб, ватанпарвар авлод бўлиб етишишга интилишини кучайтиришга замин яратади.

 

Баҳодир Мардонов

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти катта ўқитувчиси, божхона хизмати катта лейтенанти