АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 127 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАБ МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

2021-04-05

                  Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиёт ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти томонидан Абдулла Қодирий таваллудининг 127 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

 

            Тадбир аввалида Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида буюк ёзувчи ҳайкалига ҳурмат бажо келтириб гуллар қўйилди.  Абдулла Қодирий набираси Абдуллаев Хуршид Маъсуд ўғли сўз олиб, мамлакатимизда бугун аҳоли ва айниқса ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлоднинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузуми даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш муҳим масала эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

Шунингдек, Ўзбек романчилиги асосчиси 20 аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигиниг асосчиси, 20-йиллардаги муҳим ижтимоий маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси Бобом Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкентда боғбон оиласида туғилган. Отаси Қодирбобо хон, беклар қўлида сарбозлик қилган, рус босқини пайтида Тошкент мудофаасида қатнашган. Отаси бошидан ўтган саргузаштлар Абдулла Қодирийнинг қатор асарлари, хусусан тарихий романларининг юзага келишида муҳим рол ўйнаган. Абдулла Қодирий мусулмон мактабида, рустузем мактабида Абулқосим шайх мадрасасида таълим олди. Москвадаги адабиёт курсида ўқиди. Ёшлигиданоқ қадимги Шарқ маданияти ва адабиёти руҳида тарбия топган.

 

Араб, форс ва рус тилларини ўрганган. Жаҳон адабиётини ихлос билан мутолаа қилган. Оиласи камбағаллашганлиги сабабли болаликдан мустақил меҳнат қила бошлади, турли касбларни эгаллади, маҳаллий савдогарларга котиблик ва гумашталик қилди. 1917 йил Октябрь давлат тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озуқа қўмитасининг саркотиби, “Озиқ ишлари” газетасининг муҳаррири, Касабалар шўросининг саркотиби, “Муштум” журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси бўлиб ишлаганлигини айтиб ўтиб, Абдулла Қодирий сиймоси халқимиз тасаввурида адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тимсоли сифатида из қолдиргани бежиз эмас.

 

Абдулла Қодирийнинг 44 йиллик умри, 20 йиллик ижтимоий ва ижодий фаолият даври кескин курашлар, таъқибу таҳдидлар ичида ўтди. У 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинди. 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан бирга қатл этилганлигини айтиб ўтди.  Шундан сўнг, божхона институти курсантлари Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдидаги музейда ташриф қилишди.

 

Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Божхона институти курсантлари залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.