Ватаннинг шерюрак баҳодири мавзусида маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди

2021-07-01

Бугунги мураккаб шароитда давлатнинг мудофаа салоҳияти ва жанговар қудратини янада ошириш, Қуролли Кучларни изчил ривожлантириш масалалари ҳукуматимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини ҳамда миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиш, ҳарбий илмни ривожлантириш, глобаллашув шароитида мафкуравий курашлар кескин тус олаётган, ахборот маконида турли хавф-хатарлар ва таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда ҳарбий хизматчининг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, маънавий дунёқараши ҳар қачонгидан кўра кўпроқ аҳамият касб этмоқда.

         Ҳарбий-тактик салоҳияти юқори, маънавий-ахлоқий фазилатли ҳарбий хизматчиларни тайёрлашда миллий давлатчилигимиз тарихи, айниқса Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шохрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимизнинг бой жанг санъатидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Ватанимиз тарихида ўзининг жасорати ва ватанпарварлиги билан халқ меҳрини қозонган, юрт тақдири ва келажаги учун қайғурган, эл озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган шахсларнинг номи тарих зарварақларига мангу муҳрланган.

         Мустақиллик туфайли халқимиз ўзлигини таниди, улуғ аждодларимизнинг тарихдаги ўчмас жасорати ва юксак даҳоси ҳақидаги асл ҳақиқат рўёбга чиқди.  

         Буюк бобомиз Жалолиддин Мангубердининг тарихий сиймоси, Ватан каби муқаддас қўрғонни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиш йўлидаги ўчмас жасорати ва бой мероси халқимиз, айниқса, замонамиз ёшларига юксак намуна бўлиб хизмат қилади. Узоқ вақт мобайнида қадр-қиммати топталган, тарихий аҳамияти қадрсизланган саркардаларимизнинг улуғ номини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш, шунингдек, аждодлар мардлиги тимсолида миллий ғурурни юксалтириш имконияти айнан мустақиллик шарофати билан юзага чиққани бежиз эмас.

         Давлатимиз раҳбарининг “Бизнинг танимизда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби боболаримиз қони оқмоқда. Биз шунга муносибмиз ва шу муносибликни ҳар дақиқада бутун халқимизга, жаҳон аҳлига тараннум қилишга шошилишимиз керак” деган фикрлари замирида улуғ бобокалонларимизнинг барҳаёт сиймоси ёш авлод қалбида чексиз ифтихор туйғусини жўш урдираётгани, шунингдек, бу улкан масъулият эканини ҳам унутмаслик сингари эзгу мақсад мужассам.

         Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида Жалолиддин Мангуберди жасоратига бағишланган “Ватаннинг шерюрак баҳодири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Давлат божхона қўмитаси Раисининг маслаҳатчиси, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари, Институт ўқитувчилари ва курсантлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда элимиз суйган санъаткорлар иштирок этди.

         Тадбирда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва фаолияти бўйича илмий тадқиқот олиб борган олимлар нутқ сўзлаб, ушбу сиймо шахсияти жаҳон тарихида жуда кам учрайдиган ҳодиса экани, Ватан эркинлиги йўлидаги қаҳрамонлиги ва фидойилиги, шунингдек, бизнинг бугунги тинч ва хотиржам ҳаётимизни асраб-авайлаш, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга даъват этишини алоҳида таъкидлади.

         Маънавий-маърифий тадбир давомида ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар самараси сифатида Божхона институти курсанти Кенжаев Умаралининг “Соғинч дафтари” шеърий тўплами тақдимот этилди. Тақдимотда сўз олган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мансур Юнус сўз олиб, ёш шоирнинг шеърларидаги ғояларнинг инсонпарварлик, ватанпарварлик, эзгуликка йўғрилганлигини таъкидлаб, мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган самарали ишлар натижасида бу каби униб келаётган ёш ижодкорларга омадлар тилади.

         Тадбир давомида Жалолиддин Мангуберди сиймоси гавдалантирилган спектаклдан парчалар намойиш этилди. Эл ардоғидаги санъаткорларнинг мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи қўшиқлари иштирокчиларга ўзгача шукуҳ бахш этди.