Республика онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

2020-06-06

2020 йил 03 июнь куни Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Глобал ўзгаришлар шароитида ташқи савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва божхона хизмати мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, дунёда тез ўзгариб бораётган бир даврда, мамлакат иқтисодиёти рецессиясини олдини олиш ва глобал инқироз таъсирини енгиллаштириш ва мамлакат рақобатбардошлигини ошириш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Конференция мақсадидан келиб чиқиб, иштирок этган мутахассислар томонидан ташқи савдони ривожлантиришга турли таъсир этувчи омиллар ўрганилди. Жумладан, ташқи иқтисодий сиёсатни амалиётга жорий этишда иқтисодий дипломатиянинг муҳимлиги ва унинг имкониятлари; ташқи савдони ривожлантиришнинг молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш; COVID-19 пандемия шароитида озиқ-овқат савдоси барқарорлигини таъминлаш масалалари; халқаро савдо юкларини ташиш бозорида мавжуд монополиялар ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш; божхона органлари савдо ҳамкор давлатлар билан статистик маълумотлар айирбошлаш самарадорлигини ошириш ҳамда электрон тижорат соҳасида юзага келаётган муносабатларда коллизиявий-ҳуқуқий тартибга солиш масалалари ўрин олган бўлиб, уларнинг ечимлари бўйича фаол баҳс-мунозаралар олиб борилди ва конструктив таклифлар ишлаб чиқилди.

Конференция материаллар тўплами чоп эттирилиши режалаштирилган.